Корея Трамп божларига қарши чиқмайди
Сеул иккала томон учун фойдали ечимлар топиш истагида.

Жанубий Корея президенти вазифасини бажарувчи Хан Док Су мамлакат АҚШ томонидан жорий этилган бож тўловларига қаршилик қилмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу қарор АҚШ олдидаги “тарихий қарз” туфайли қабул қилинган.
“Қўшма Штатлар Кореянинг бугунги ривожланган ҳолатга етиб келишига улкан ҳисса қўшган. Корея уруши ортидан АҚШ бизга ёрдам, технология, инвестиция ва хавфсизлик кафолатларини тақдим этди”, — деди Хан Док Су. Унга кўра, бу омиллар Жанубий Кореяни халқаро сармоядорлар учун жозибали мамлакатга айлантирди.
Шу билан бирга, у Сеул Вашингтон билан музокаралар олиб боришни ва “иккала томон учун фойдали ечимлар” топишни исташини билдириб ўтди. Хан Трамп бошлаган бож сиёсатига қарши чиқишни “қарши курашишга арзийдиган масала эмас”, дея таърифлади.







