Пентагонда уч амалдор ишдан бўшатилди
Муаммо АҚШ миллий хавфсизлик маълумотларининг рухсатсиз тарқатилиши билан бошланган.

АҚШ Мудофаа вазирлигида (Пентагон) хизмат қилган уч нафар юқори лавозимли амалдор — Ден Колдвелл, Дарин Селник ва Колин Керролл туҳмат айбловлари ортидан лавозимидан озод этилди.
Пентагон 15–16 апрель кунлари мазкур амалдорларни ишдан бўшатди. Уларнинг қўшма баёнотида айтилишича, Пентагондаги исми ошкор қилинмаган расмийлар улар ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган. “Биз Ватанга садоқат билан хизмат қилдик. Ироқ ва Афғонистондаги урушларда қатнашганмиз, ахборот хавфсизлигини қадрлаймиз ва уни ҳар куни ҳимоя қилишга интиламиз”, — дейилади баёнотда.
Ушбу можаро Пентагон томонидан март ойида бошланган “миллий хавфсизлик маълумотларининг рухсатсиз ошкор этилиши” бўйича тергов билан боғлиқ. Тергов доирасида Илон Маскнинг ташрифи, Қизил денгиздаги ҳарбий ҳаракатлар ва Украина билан разведка маълумотлари алмашинуви ҳақида сизиб чиққан маълумотлар кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, журналист Жеффри Голдбергнинг Сигнал мессенжери орқали ёпиқ суҳбатларга ноқонуний киргани ҳам муҳокамада бўлди.







