Мисрнинг Қизил денгиз соҳиллари хавф остида
Қурилиш ишлари ҳудуддаги тоза денгиз экотизимларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мисрнинг Қизил денгиз соҳилида жойлашган Вади эл Гемал миллий боғидаги Рас Хонқораб ҳудуди сайёҳлик ривожланиши сабабли жиддий хавф остида қолмоқда. Экологларнинг огоҳлантиришича, енгил қурилиш ишлари ҳам бу ҳудуддаги сўнгги тоза денгиз экотизимларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Рас Хонқораб тиниқ сувлари, оқ қумли пляжлари ва биологик хилма-хиллиги билан машҳур бўлиб, айни пайтда экологик мувозанат тақдирини ҳал қилувчи нуқтада турибди.
Ҳукумат ушбу ҳудудда меҳмонхона, ресторан ва фермалар қуришни режалаштирмоқда. Бироқ, бу режалар тошбақалар, маржон рифлари, денгиз ўтлари ва кўплаб балиқ турларининг яшаш жойини йўқ қилиниши хавфини туғдирмоқда. Маҳаллий жамоалар ҳам ушбу табиий бойликнинг йўқолишидан хавотирда, чунки бу ҳудуд уларнинг ҳаёти ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ.
Миср ҳукумати миллий боғлар ҳудудида инвестиция лицензияларини сотиш орқали даромад топишга интилмоқда. БМТ ҳисоботига кўра, 2024 йилда туризмдан тушган 14,1 миллиард доллар даромад Сувайш каналидан тушган фойдани ҳам ортда қолдирган. Экологлар эса қисқа муддатли иқтисодий фойда эвазига бебаҳо экотизимларни қурбон қилиш оқибатлари ҳақида жиддий ўйлашга чақирмоқда.







