Ўзбекистонда 29 та йирик давлат корхонаси хусусийлаштирилади
Жараёнга халқаро даражадаги консультантлар жалб этилади.

2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонда кенг қамровли хусусийлаштириш жараёни бошланади. Президент фармонига мувофиқ, жами 29 та йирик давлат корхонаси хусусийлаштиришга тайёрланмоқда. Уларнинг ичида UzAuto Motors, Uzbekistan GTL, MobiUz, Ўзметкомбинат, Навоийазот ва қатор электр станциялари бор.
UzAuto Motors'нинг 99,7 фоиз улуши 2026 йил 1-чорагида оммавий савдога чиқарилади. Аввалроқ 2025 йил 4-чоракда UzAuto Motors Povertrain'нинг 100 фоиз улуши сотувга чиқиши режалаштирилган эди. 3,42 миллиард долларлик GTL заводининг ҳам 100 фоиз улуши хусусийлаштирилади. Бу бўйича савдо 2026 йил 2-чоракда бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, 12 та корхона IPO орқали акцияларини халқаро ва маҳаллий фонд бозорларига жойлаштиради. Уларнинг қаторида NKMK, OKMK, Uzbekistan Airways, Узтрансгаз ва Ўзбектелеком каби стратегик аҳамиятга эга компаниялар бор. Бу жараёнга халқаро даражадаги консультантлар жалб этилади.







