Европа АҚШ қўшинларини алмаштиришига 12 йил керак бўлади
Ҳозирда Европада тахминан 70-90 минг америкалик аскар бор.

Агар АҚШ Европадаги қўшинларини олиб чиқиб кетса ёки қисқартирса, Европа бу бўшлиқни тўлдириш учун 10-12 йил вақт сарфлаши керак бўлади. Бу ҳақда Германиядаги иқтисодий тадқиқот институти IV ва таҳлилчилари хабар берди.
Яқинда Европага қилган сафари чоғида АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет Америка ҳарбийларининг бу ерда абадий қолмаслигини айтиб ўтди. Бу баёнот кўплаб Европа пойтахтларида хавотир уйғотди. Расмийларнинг таъкидлашича, Америкада ҳам, Европада ҳам бундай эҳтимолга шубҳа билан қарайдиганлар кам.
Ҳозирда Европада 70-90 минг атрофида америкалик аскар бор. Маълумот учун, 1950 йилларда бу рақам 400 мингдан ошиқ эди.
Ҳисоботда айтилишича, АҚШ қўшинларининг камайиши Россияни жиловлаб туриш имкониятини сезиларли даражада сусайтиради ва янги кучларни тайёрлаш эса катта маблағ ва кўп вақт талаб қилади.
Апрель ойида NATOдаги АҚШ кучлари қўмондони генерал Кристофер Каволи Конгрессга “жорий ҳолатни сақлаб қолиш” зарурлигини таъкидлаган эди. У ёзда лавозимидан кетади. Politico маълумотига кўра, ундан кейин NATO бош қўмондонлиги тарихда биринчи марта европаликларга топширилиши мумкин.







