Apple глобал хакерлар ҳужумидан огоҳлантирди
Фирибгарлар микрофон ва камера функцияларига рухсатсиз кира олади.

Apple компанияси 100 дан ортиқ мамлакатда жосуслик дастури тарқалганини ва iPhone фойдаланувчилари учун глобал хакерлар ҳужуми хавфи борлигини эълон қилди. Ушбу дастур орқали фирибгарлар хабарлар, микрофон ва камера функцияларига эгасининг рухсатисиз кира олишлари мумкин.
Apple фойдаланувчиларга iOS 18.4.1 версиясига тезлик билан янгиланишни ва Lockdown Mode режимини ёқишни тавсия қилмоқда. Ушбу махсус режим хакерлик ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун яратилган бўлиб, функцияларни чеклайди ва хавфсизликни оширади. Apple таъкидлашича, бундай ҳужумлар — жумладан, NSO Groupнинг Пегасус ҳужуми каби жуда кам учрайди, аммо улар жуда мураккаб ва одатда сиёсатчилар ёки фуқаролик фаолларига қарши йўналтирилади.
Италиялик журналист Чиро Пеллегрино ҳам Apple ушбу глобал ҳужум ҳақида хабар берганини тасдиқлади. Apple хабар олган фойдаланувчиларга барча янгиланишларни ўрнатиб, блокировка режимини ёқишни қатъий тавсия қилмоқда.







