Ҳиндистондаги тиқилинчда 6 киши ҳалок бўлди
Ибодатхонада тўсатдан ваҳима бошлангани сабаб тартибсизлик юзага келган.

Ҳиндистон жанубидаги Гоа штатида жойлашган Ширгаон ибодатхонасида диний маросим вақтида юз берган тиқилинч камида 6 кишининг ҳалок бўлишига, 50 дан ортиқ кишининг жароҳат олишига сабаб бўлди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берди.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, минглаб зиёратчилар иштирок этган маросимда тўсатдан ваҳима бошланган, одамлар шоша-пиша чиқиб кетишга уриниб, тартибсизлик юзага келган. Фавқулодда хизматлар ва полиция воқеа жойига етиб келиб, жароҳатланганларни шифохонага етказган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки тахминларга кўра, ҳодиса катта оломон устидан назорат ва тартибни таъминлаш бўйича етарли чоралар кўрилмагани сабаб юз берган. Бунга ўхшаш фожиалар Ҳиндистонда илгари ҳам қайд этилган, жумладан, 30 январь куни Уттар-Прадешдаги Кумбҳа Мела фестивалида юз берган тиқилинчда 40 киши ҳалок бўлган эди.







