Навоийда икки нафар ёшлар етакчиси аварияда ҳалок бўлди
Ёшлар ишлари агентлиги директори уларнинг оила аъзоларига таъзия билдирди.

Навоий вилоятининг Кармана туманида икки нафар ёшлар етакчиси — «Фарҳод» маҳалласи етакчиси Улуғбек Облақулов ва «Баҳром» маҳалласи етакчиси Муҳриддин Баҳронов йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ўзининг расмий саҳифасида хабар берди.
“Бир кунда тизимнинг ёш ва фаол икки фидойи етакчисининг кутилмаган тарзда ҳаётдан кўз юмиши биз учун жуда оғир мусибат. Уларнинг юрт ва ёшлар йўлида қилган хизматлари, ташаббускорлиги ва фидойилиги ҳар доим ёдимизда қолади,” — дейилади хабарда.
Агентлик жамоаси номидан марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор этилади. Уларнинг оилаларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур чоралар кўрилади.







