Навоийдаги савдо марказида ёнғин содир бўлди
Ёнғин оқибатида 200 квадрат метр майдон ёниб кетган.

6 май куни эрталаб Навоий вилояти Кармана туманидаги "Арғун" маҳалласида жойлашган савдо мажмуасида ёнғин юз берди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, соат 05:15 да ёнғин ҳақида 112 рақамига хабар тушган. Қутқарувчилар атиги уч дақиқада воқеа жойига етиб боришди ва ёнғинни соат 05:50 да қуршаб олиб, 06:24 да бутунлай ўчириб юборишди.
Ёнғин оқибатида савдо марказининг 200 квадрат метр майдони ва ичидаги товарлар ёниб кетди. Ҳодисани бартараф этишга 7 та махсус техника жалб қилинди. Ёнғинда жароҳат олганлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкентдаги синтифон ишлаб чиқариш цехида ҳам ёнғин бўлиб, у ерда афсуски 2 киши ҳалок бўлиб, 5 киши жароҳат олганди.







