Андижонда 7 ёшли бола қудуққа тушиб кетди
У ФВБ ходимлари томонидан қутқариб олинган.

Бугун, 16 май куни соат 11:00 да Қўрғонтепа тумани “Ибн Сино” МФЙ, Мактаб кўчасида жойлашган уйларнинг бири ҳовлисидаги чуқурлиги 40 метр, диаметри 90 см бўлган сувсиз, ҳозирда фойдаланишда бўлмаган қудуққа уй эгасининг 7 ёшли ўғли эхтиётсизлик оқибатида тушиб кетганлиги, уни олиб чиқишда амалий ёрдам сўраб ФВБга мурожаат қилинган.
Айтилган манзилга зудлик билан ФВБ қутқарувчилари етиб бориб, махсус техникалар ва анжомлар ёрдамида олиб борилган қутқариш ишлари натижасида бола қудуқдан соғ-саломат чиқариб олинган. Айни вақтда боланинг аҳволи яхши. Тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида шифохонага олиб борилган.







