Аёллар орасида оммалашган смузи ҳақидаги ҳақиқатлар
Соғлом танлов — соғлом ҳаётга қўйилган илк қадмдир.

Бугунги кунда соғлом турмуш тарзини танлаган аёллар орасида смузи ичимлиги кенг оммалашмоқда. У спорт залида, ишхонада, уйда ёки йўлда тез тайёрланадиган, тўйимли ва фойдали ичимлик сифатида танланмоқда. Смузи — бу янги ёки музлатилган мевалар, йогурт, асал, уруғлар, ёнғоқлар каби маҳсулотлардан тайёрланадиган силлиқ ва совуқ ичимлик бўлиб, фойдали парҳез таомлар сирасига киради. У қулайлиги, тез тайёрланиши ва таркибининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Айнан шу жиҳатлари уни замонавий аёллар орасида машҳур ичимликка айлантирди.
Интегратив Тиббиёт мутахассиси, нутрисиолог-диетолог Собира Турсунбоева смузи ҳақида қуйидагича фикр билдиради: “Смузилар аёллар саломатлиги, вазн назорати ва тери ҳолати учун жуда фойдали ичимликдир. Аммо қандай, қанча ва қачон ичишни тўғри белгиламаслик фойда ўрнига зарар етказиши мумкин. Айниқса, ошқозон муаммолари, қандли диабет ёки семизликка эга аёллар уни мутахассис назоратида ичишлари керак.”
Агар аёл соғлом бўлса, смузини ҳафтасига 3–4 марта ичиш мумкин. Агар таркибида шакар, асал ёки ёғли қўшимчалар бўлмаса, ҳар куни ичиш ҳам зарар қилмайди. Фақат мевалардан тайёрланган смузи организмда глюкоза юкини оширади, шу сабабли мева ва сабзавот аралашмаси энг мақбул ҳисобланади. Масалан, сельдрей, киви ва яшил олма комбинацияси яхши танловдир.
Смузи нонушта ўрнини бемалол боса олади, лекин фақат тўғри таркибда бўлса. Ичимлик таркибида оқсиллар (йогурт, грек йогурт, протеин кукуни, писта/ёнғоқлар), мураккаб углеводлар (сули, зиғир уруғи) ва соғлом ёғлар (авакадо, чиа уруғи) бўлиши керак. Акс ҳолда, фақат мевали смузи тез очликка ва инсулиннинг кескин кўтарилишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, узоқ муддат фақат смузи истеъмоли аёлларда ҳайз циклининг бузилишига ҳам олиб келиши мумкин.
Смузини ичиш учун энг яхши вақт эрталаб соат 7:00 дан 9:00 гача бўлган оралиқ саналади. Бу вақт ичимликдан энг кўп энергия олиш имконини беради. Шунингдек, спорт машғулотидан кейин ёки кечки енгил овқат ўрнига ичиш ҳам фойдалидир. Энг ёмон вақт эса овқат устига ёки кечки соат 21:00 дан кейин бўлиб, бу вақтда ичилган смузи ҳазм муаммолари ва ортиқча калория келтириб чиқариши мумкин.
Парҳез тутаётган аёллар учун калорияси ва глюкемик индекси паст меваларни танлаш муҳим. Масалан, кўк мевалар (черника), малина, қулупнай, грейпфрут, лимон, киви, нок, яшил олма ва авакадо тавсия этилади. Банан, манго, узум, анор ва қуритилган мевалар эса юқори калория ва қондаги шакар миқдорини тез ошириши сабабли чекланиши керак.
Смузи — тўғри тайёрланса, организм учун ажойиб фойда келтирадиган ичимликдир. Бироқ уни ортиқча истеъмол қилиш ёки мувозанатсиз таркиб танлаш соғлиққа зарар етказиши мумкин. Айниқса, парҳез тутаётганлар ёки саломатлигида муаммоси бор инсонлар уни мутахассис маслаҳатига асосланиб ичишлари лозим. Соғлом танлов — соғлом ҳаётга қўйилган илк қадмдир.
Диёра Назарова







