Соғлом ва Гўзал қўллар учун парвариш сирлари
Тўғри парвариш – соғлом, юмшоқ ва чиройли терининг калитидир.

Эркак кишининг қўли дағал, қуришган ва қотган бўлиши мумкин. Бу эркакларга хос табиий жараён. Чунки эркакнинг қўли – меҳнат тимсоли. Бу қўллар ер чопади, темир ушлайди, болаларни кўтаради, рўзғорни юритади. Шу сабабли уларнинг териси дағаллашади — бу эса фахрли меҳнат изидир.
Аёл қўлининг таровати эса – бу нафақат ташқи кўриниш, балки унинг ўзига, соғлиғига ва атрофдагиларга бўлган меҳр-муҳаббатидан дарак беради. Қўллар кун давомида энг кўп ишлатиладиган тана аъзоларидан бири бўлиб, доимий ташқи таъсир остида қолади. Натижада тери нозиклашади, қурийди ва сезувчан бўлиб қолади.
Францияда гўзаллик – соддалик, нафислик ва табиийлик билан уйғунлашади. Француз аёллари учун қўл парвариши кундалик гўзаллик рутинасининг ажралмас қисмидир. Ҳар куни намловчи крем, қуёшдан ҳимояловчи воситалар ва табиий маникюр уларнинг одатига айланган. Улар сунъийликдан йироқ бўлишга интилишади.
Француз аёлларига кўра, қўл инсон ҳақида кўп нарсани айтиб бера олади. Улар ҳаракатлардаги нафисликка эътибор беришади: стаканни ушлаш, китоб варақлаш каби майда деталларда гўзаллик намоён бўлади. Бу гўзалликнинг энг нозик, аммо муҳим ифодасидир.
Қўл терисининг заифлашишига бир нечта омиллар сабаб бўлади: совуқ ҳаво, шамол, қуруқ иқлим, кимёвий таркибли совунлар, тез-тез сув билан алоқа қилиш, А, Э, Д витаминлари етишмовчилиги, аллергик воситалар ва ёшга боғлиқ ўзгаришлар.
Қўл терисини соғлом сақлаш учун ҳар куни махсус намлантирувчи кремдан фойдаланиш зарур. Уй ишларида ёки совуқ ҳавода резина ёки иссиқ қўлқоп кийиш фойдали. Табиий таркибли, ҳипоаллерген воситалар терига зарар етказмайди. Шунингдек, соғлом овқатланиш – витаминлар, фойдали ёғлар ва етарлича сув истеъмоли – терининг ички намлигини таъминлайди. Уй шароитида асал, зайтун ёғи, бодринг ёки картошкадан тайёрланган ниқоблар терини юмшатишда ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, қўлларимиз – бизнинг энг фаол ёрдамчиларимиздир. Улар нафақат кундалик ҳаётдаги жисмоний ҳаракатларимизни бажаради, балки биз ҳақимизда кўп нарсани "сўзлаб" беради. Шу сабабли қўллар ҳам алоҳида эътибор ва ғамхўрликка лойиқдир. Тўғри парвариш – соғлом, юмшоқ ва чиройли терининг калитидир.
Асқарова Мафтунахон







