Дунёда 300 миллионга яқин инсон очлик хавфи остида
Глобал инқироз ҳақида таҳлилий ҳисобот эълон қилинди.

2024 йилда юзага келган қуролли можаролар, иқлим ўзгаришлари, глобал иқтисодий танглик ва гуманитар ёрдамларнинг қисқариши дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлигини жиддий таҳдид остида қолдирди. Британиянинг The Guardian нашри халқаро таҳлилларга асосланиб берган янги ҳисоботга кўра, тахминан 300 миллионга яқин инсон очлик хавфи остида қолмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, 13,7 миллион киши сурункали озиқ-овқат танқислигига дуч келмоқда. Кучли озиқ-овқат танқислиги ҳолатида яшаётган инсонлар сони эса 295,3 миллион кишига етган бўлиб, бу 53 мамлакат аҳолиси орасида 22,6 фоизни ташкил қилади. Жабрланган аҳолининг 95 фоиздан ортиғи Ғазо сектори ва Судан ҳудудларида истиқомат қилади.
Суданда фуқаролар уруши сабабли мамлакатда расмий очарчилик ҳолати эълон қилинган. Ҳозирда 24 миллиондан ортиқ фуқаро озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Ғазо секторида эса ўтиш нуқталарининг ёпилиши, гуманитар ёрдам блокадаси ва отишмалар келишуви бузилиши оқибатида 2,1 миллион киши очликнинг критик даражасида қолмоқда.
Мянма, Нигерия, Конго Демократик Республикаси каби 19 давлатда давом этаётган қуролли тўқнашувлар ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини янада ёмонлаштирмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгариши туфайли Эфиопия, Кения, Сомали, Афғонистон ва Покистонда қурғоқчилик хавфи юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, USAID томонидан молиявий ёрдамнинг тўхтатилиши оқибатида Судан, Ямайка ва Гаитида 14 миллиондан ортиқ бола озиқ-овқат хизматларисиз қолган. Бу эса уларнинг қашшоқлик ва ўлим хавфини ошириши мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, глобал миқёсда ҳамкорлик кучайтирилмаса ва гуманитар тизимлар тикланмаса, инсоният мисли кўрилмаган озиқ-овқат фалокатига дуч келиши мумкин.







