Айрим шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари оширилади
Бу бўйича Президент фармони қабул қилинди.

Президент фармонига кўра, 2025 йил 1 июлдан мазкур фармонда белгиланган туман (шаҳар)ларда, 2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари базавий тариф ставкаларига қуйидаги миқдорларда қўшимча устамалар тўланади:
— сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида;
— тиббиёт бригадасига белгиланган меъёрлардан 10 фоиз ортиқча қўшимча бириктирилган аҳолининг ҳар бири учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида – шаҳарларда, 0,5 фоизи миқдорида – туманларда;
— оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимлари учун сертификатга мувофиқ базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари – 10 фоиз миқдорида оширилади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (КПИ) асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.







