Ангренда ўқувчилар Сўнгги қўнғироққа пул учун ўғирлик қилишди
Улар тунда кўчада турган машинани очиб, пулларни олиб кетган.

Жорий йилнинг 16 апрель кунидан 17 апрель кунига ўтар кечаси Ангрен шаҳри “Нурчи” маҳалласида номаълум шахс Damas русумли автомашинадан пул маблағлари ўғирлангани ҳақида ҳудудий Ички ишлар бўлимига хабар келиб тушган. Ҳолат ўрганилиб, тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор чоралар натижасида бу қилмишни 15–17 ёшдаги тўрт нафар мактаб ўқувчиси содир этгани аниқланиб, улар процессуал тартибда ушланди.
Дастлабки тергов давомида гумонланувчилар ушбу ўғирланган пулларни мактаб битирув кечаси учун керак бўлган харажатларни қоплаш мақсадида олганини билдирган.
“25 май учун ўтиришимизга пул керак бўлиб қолганди. Болалар билан тўрт киши бўлиб йиғилиб, эрталаб соат 5 ларга яқин Damas’ни мўлжаллаб, очдик. Ичидан 11 млн сўм пул чиқди. Пулларни тўрт киши бўлиб олдик”, - дейди Гумонланувчи йигитлардан бири.
Улардан яна бирининг айтишича, йигитлар ўша ерда турган “Жигули”ни ҳам очиб кўришган. Аммо, у машинадан пул чиқмаган.







