Тошкентда миллий либосларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Тадбир давомида миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди.

Бугун, 23 май куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида миллий либосларимизга бағишланган йирик маданий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда мактаб ўқувчилари, раққосалар ва спортчилар фаол иштирок этиб, томошабинларга унутилмас таассуротлар қолдирди.
Тадбир иштирокчилари орасида 7 ёшли болажонлардан тортиб, 70 ёшгача бўлган фахрийлар ҳам бор эди. Бу эса ушбу тадбир миллий қадриятларимизни ҳар бир авлод қалбида уйғотишга хизмат қилганидан далолат беради.
Тадбир доирасида ўқувчилар миллий либосларда саҳнага чиқиб, ўзбек халқининг бой урф-одатлари, қадриятлари ва тарихий меросини ифода этувчи саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Раққосалар эса миллий куй-қўшиқлар садолари остида жўшқин рақслар ижро этиб, барчани ҳайратда қолдиришди. Спортчилар томонидан эса миллий кураш ва бошқа спорт кўринишлари намойиш этилди.
Шунингдек, тадбир давомида миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди. Унда турли ҳудудларга хос либослар, уларнинг безаклари ва тарихий аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди. Маҳаллий усталар томонидан тикилган, қўлда ишланган миллий кийимлар барчанинг эътиборини тортди.
Тадбирнинг асосий мақсади ёшларда миллий қадриятларга бўлган ҳурматни ошириш, маданий меросимизни кенг тарғиб қилиш ва келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат эди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Шаҳноза Султонова ҳам иштирок этди. У ўз нутқида миллий қадриятларимиз ва либосларимизни асраб-авайлаш, уларни кенг тарғиб қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳам тадбирда иштирок этиб, ёшларнинг ижодий чиқишларини юқори баҳоладилар.
Бу каби тадбирлар, шубҳасиз, юртимиз ёшлари қалбида миллий ғурур, ифтихор ва ўзлигини англаш туйғусини мустаҳкамлайди.







