АҚШ Россияга нисбатан янги санкцияларни режалаштирмоқда
Трамп Украина бўйича музокараларни тўхтатиши мумкин.

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина бўйича кескин чоралар кўришни режалаштирмоқда. "Wall Street Journal" нашрининг хабарига кўра, у Москванинг ҳужумларидан норози бўлиб, Россияга қарши янги санкцияларни жорий этишни кўриб чиқмоқда.
Манбаларга кўра, кутилаётган санкциялар молиявий чекловларни ўз ичига олмаслиги мумкин, аммо Владимир Путинни музокара столига қайтариш учун босим кучайтирилади. Хусусан, Россиядан 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш талаби илгари сурилиши кутилмоқда.
Трамп аввалроқ Украина ҳудудига уюштирилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг Россияга қарши санкциялар ҳақида гапирган эди. Кейинчалик у Путинни кескин танқид қилиб, уни "бутунлай ақлдан озган" деб атади.
Президентнинг матбуот котиби Керолайн Ливиттнинг сўзларига кўра, Трамп можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори, бироқ уринишлар самара бермаса, АҚШ музокаралардан чиқиш масаласини кўриб чиқади.
"The New York Times" манбаларига таяниб, Трамп Европа етакчиларига Россияга нисбатан босимни кучайтириш нияти йўқлигини билдиргани ҳақида ҳам хабар берган.







