Тошкентдан Москвага учган самолёт Қозонга қўнди
Бунга дронлар ҳужуми сабаб бўлган.

28 май куни Тошкентдан Москвага йўл олган SU1871 рейси дронлар ҳужуми сабабли Россиянинг Қозон шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди.
Маълумотларга кўра, тунги соат 03:00 да Тошкентдан ҳавога кўтарилган самолёт Москвадаги аэропортлар ёпилгани сабаб Қозонга йўналтирилган. Самолёт соат 04:55 да Қозонга қўнди, бироқ йўловчиларга на самолётдан чиқишга рухсат берилган, на Москвага парвоз ҳақида аниқ маълумот тақдим этилган.
Йўловчиларнинг айтишича, бир муддат улар Қозонда туширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган, аммо кейинчалик бу қарор бекор қилинган ва “Aeroflot” компаниясининг навбатдаги қарори кутилаётгани маълум қилинган. Орадан вақт ўтиб, уларга яқин 12 соат ичида парвоз режалаштирилмагани, экипажнинг иш вақти тугагани ва Қозон аэропорти ҳаддан ташқари юклангани сабабли янги самолётларни қабул қила олмаслиги ҳақида ахборот берилган.
Дронлар ҳужуми оқибатида Москванинг барча йирик аэропортларида юзлаб рейслар кечиктирилди ёки бекор қилинди. Хусусан:
Внуковода 64 та учиш ва 74 та қўниш рейси;
Домодедовода 30 га яқин учиш ва 39 та қўниш;
Шереметевода 60 дан ортиқ учиш ва 23 та қўниш;
Жуковскийда 2 та учиш ва 6 та қўниш рейси кечиктирилди ёки бекор қилинди.
Баъзи самолётлар захира аэропортлар — Санкт-Петербургдаги Пулково ёки Қозон аэропортларига йўналтирилган. "Росавиация" маълумотига кўра, Москвадаги чекловлар Тошкент вақти билан соат 9:15 да бекор қилинган.







