ИИБ ходимларига бўйсунмаганлик учун жарима оширилмоқда
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ўзбекистонда ички ишлар органлари (IIO) ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик учун жарималар миқдори оширилади.
Сенатнинг ялпи мажлисида сўнгги вақтларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаётган ИИО ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳолатлари кўпайгани қайд этилди. Жумладан, 2021 йилда 56 минг, 2022 йилда — 88 минг, 2023 йилда — деярли 89 минг, 2024 йилда эса — 85,3 минг ҳолат қайд этилган.
Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қуйидаги ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда:
— ИИО ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) — 5 бараваридан 12 бараваригача (1,875 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача, ҳозирда эса — 1 БҲМ);
— Маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг бир йил ичида қайта ҳуқуқбузарлик содир этилса — 12 дан 30 БҲМгача (4,5 млн сўмдан 11,25 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ (ҳозирда — 15 БҲМ) қўлланилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди ва президент имзосига юборилди.







