“Маданий комедия” фильми намойиши бўлиб ўтди
Фильм “Россия киноси фестивали” доирасида тақдим этилди.

Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Россия киноси фестивали” доирасида “Маданий комедия” фильмининг намойиши бўлиб ўтди. Тадбирда фильм сценарий муаллифи Данил Тротсенко, Ўзбекистонда яшовчи россияликлар, кино ихлосмандлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сатирик комедия жанрида суратга олинган фильмда бош қаҳрамон — йўл қурилиши билан шуғулланган Виктор Летаев ўз лавозимини сақлаб қолиш учун Перм ўлкасининг маданий меросини ўрганишга мажбур бўлади. Сюжет давомида бюрократия, масъулиятсизлик ва замонавий жамиятдаги кулгили ҳолатлар ўткир ҳазил орқали ёритилади.
Намойишдан сўнг томошабинлар янгиланган экспозициялар билан бойитилган Ўзбекистон Кино санъати музейини ҳам томоша қилиб, миллий кино меросимизнинг тарихий ва маданий бойликлари билан яқиндан танишдилар.







