Паркентда эшак гўштидан сомса тайёрлаб сотганлар ушланди
Уч нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тошкент вилояти Паркент туманида эшак гўштидан тайёрланган сомсаларни сотган шахсларга нисбатан жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди. Аниқланишича, Нурафшон шаҳрида яшовчи шахс ўндан ортиқ эшакни сўйиб, гўштини сотиш билан шуғулланган. У 200 кг эшак гўштини Тошкент шаҳридаги фуқарога килограммини 20 минг сўмдан сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган.
Тошкент шаҳридаги харидор эса 193 кг эшак гўштини 3,8 миллион сўмга сотиб олаётган пайтда ушланган. Унинг яшаш манзилидан қўшимча 60 кг келиб чиқиши номаълум гўшт топилган. Маълум бўлишича, бу гўшт Паркентдаги тез овқатланиш шохобчасида сомса тайёрлаш учун ишлатилган. Суд жараёнида уч нафар шахс Жиноят кодексининг 186-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилди: икки нафари 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди, учинчи шахс эса 3 йил 8 ой 15 кунга озодликдан чеклаш жазоси олди.







