Тошкентдаги Туркия элчихонаси қошида мактаб қурилади
У Шайхонтоҳур туманида барпо этилиши режалаштирилган.

Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳузурида мактаб биноси барпо этилади. Бу ҳақдаги қарорни Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов 2024 йил 5 июнь куни имзолаган.
Ҳужжатга кўра, Шайхонтоҳур туманидаги Кўҳота МФЙ ҳудудидан 0,31 гектар ер участкаси Туркия мактаби биносини қуриш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига доимий фойдаланишга ажратилади.
Ер ажратилиши Ўзбекистон Ер кодексининг 36-моддасида кўрсатилган ҳолатларга боғлиқ бўлиб, шароит ўзгарса қарор бекор қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Олган Бекар Тошкент ҳокими билан учрашиб, турк мактабини кенгайтириш, Туркия биринчи президенти Отатурк номини кўчага бериш ва Турк боғини ташкил этиш бўйича фикр билдирган эди.
Маълумот учун: Ўзбекистондаги турк мактаби 1993 йилда ташкил этилган, 1998 йилдан эса академик лицей сифатида фаолият юритмоқда. У ерда фақат Туркия фуқароларининг фарзандлари Туркия миллий ўқув дастури асосида таҳсил олади.







