Бола пули миқдори ошди, аммо уни олаётганлар кескин камайди
Ўзбекистонда бола пули олувчилар сони бир йил ичида икки баробарга қисқарди.

Ўзбекистонда болаларга мўлжалланган ижтимоий нафақа — бола пули бўйича охирги йилдаги статистика эътиборли ўзгаришларни кўрсатмоқда. 2024 йил бошида бола пули олаётган оилалар сони 1,9 миллионни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 774 минг оилагача тушган.
Шунга қарамай, бола пулига ажратилаётган умумий маблағ ҳажми ошган. Масалан, 2024 йил январида ушбу йўналишга 888,7 миллиард сўм, 2025 йилнинг биринчи чорагида эса 1,16 триллион сўм йўналтирилган. Бу — олувчилар сони камайган бўлсада, ягона тўлов миқдорининг оширилганини билдиради.
Ҳудудлар кесимида энг катта қисқариш Қашқадарё, Самарқанд, Наманган, Фарғона, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида кузатилган. Жумладан, Қашқадарёда бола пули олаётган оилалар сони 225 мингдан 44 минггача тушган.
Яна бир муҳим янгилик шуки, 2025 йил июль ойидан бошлаб бола пули миқдори яна 10 фоизга оширилади. Айни вақтда бола пулининг амалдаги миқдорлари қуйидагича:
- 3 ёшгача бўлган болалар учун – 325 минг сўм (июлдан 360 минг сўм)
- 3 ёшдан катта болалар учун – 250 минг сўм (июлдан 275 минг сўм)
- Иккинчи фарзанд учун – 150 минг сўм (июлдан 165 минг сўм)
- Учинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун – 100 минг сўм (июлдан 110 минг сўм).







