Дубайдаги можарода 2 ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Низо аввалги келишмовчилик сабаб келиб чиққан.

Дубайда ёқилғи қуйиш шохобчасида юз берган можаро икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг ҳалок бўлишига сабаб бўлди. Воқеа аввалги келишмовчилик заминида юзага келгани айтилмоқда.
Гувоҳларга кўра, марҳумлар транспорт воситаси шинасини шишириш учун келган пайтда бир гуруҳ эркаклар уларга ҳужум қилган. Улардан бири қизил Мерседесдан тушган заҳоти тажовузга учраган, иккинчиси эса қочишга уриниб, қўлга тушган.
Дубай полиция ходимлари ҳодиса жойига тезда етиб келиб, тергов ишларини бошлаган. Кузатув камераси ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида бошқа бир амирликдаги меҳмонхонада гумонланувчилар қўлга олинган.
Расмийларга кўра, можарога шахсий адоват сабаб бўлган. Ҳозирга қадар 11 киши ҳибсга олинган ва улар тергов жараёнида ҳодисани тан олган.







