Бойсунда ўрмонга туташ ҳудуд ёниб кетди
Ёнғин 13 соат ичида бартараф этилган.

Кеча, 17 июнь куни соат 17:45 да Сурхондарё вилояти ФВБга Бойсун тумани Кенгдала ўрмон хўжалиги бўлимига қарашли арчазорларга туташ ҳудудда қуруқ ўтлар ёнганлиги бўйича хабар келиб тушган.
Хабарга асосан зудлик билан ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб бориб, тегишли хизматлар ва кўнгиллилар ҳамкорлигидаги ҳаракатлар натижасида 3 гектар майдондаги ёнғин ўчоғи 18 июнь куни соат 07:10 да бартараф этилиб, кенг майдонларга тарқалиши олди олинди.
Ёнғинни бартараф этишга вилоят ФВБдан 85 нафар шахсий таркиб, 4 та техника, Ўрмон хўжалиги бўлимидан 40 нафар ходим, 4 та техника, ИИБдан 6 нафар ходим, Мудофаа вазирлигидан 20 нафар ҳарбий хизматчи ва битта ҳарбий вертолёти, маҳаллий аҳолидан 40 нафар кўнгилли жалб этилди.
Шунингдек, содир бўлган ёнғинни бартараф этиш жараёнида ёнғин ўчоғини мониторинг қилиш учун Чегара қўшинларининг учувчисиз учиш воситаларидан унумли фойдаланилди.







