Уй сотиб олаётганлар учун муҳим эслатма
Уй-жой қурилишида эскроу ҳисоби тизими жорий этилиши соҳада қандай ўзгаришларга сабаб бўлади?

2025 йил 1 июлдан бошлаб, Президент фармонига биноан Ўзбекистонда уй-жой қурилишида эскроу ҳисоби тизими жорий этилади. (https://lex.uz/uz/docs/7353734) Бу тизимнинг мақсади – харидорларни виждонсиз қурувчилардан ҳимоя қилиш ва бозорни тартибга солиш. Бироқ халқаро тажриба ва таҳлилларга кўра, бу ислоҳот қурилиш секторига икки томонлама таъсир кўрсатиши мумкин.
Эскроу – бу харидор квартира учун пул тўлайдиган махсус банк ҳисоби бўлиб, қурувчи бу маблағни фақат қурилиш якунланиб, объект фойдаланишга топширилгач олади. Бу тизим харидор маблағининг хавфсизлигини кафолатлайди ва қурувчилардан молиявий интизом талаб қилади.
Эскроу тизими асосида харидор томонидан тўланган пул банкда музлатилади ва фақат қурилиш тўлиқ тугаб, объект фойдаланишга топширилгач, ишлаб чиқувчи ушбу маблағга эга бўлади. Бу амалиёт – айниқса, охирги йилларда қурилиши тугамаган ёки ҳужжатсиз бинолар сабаб алданган фуқаролар ҳолатидан сўнг – реал кафолат тизими сифатида баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳани амалга ошираётган компания энди ўз фаолиятида молиявий интизомга риоя қилиши, ҳужжатларни тартибга солиши, қурилишни режалаштирилган тарзда якунлаши шарт бўлади. Бу эса бозорда «хавфли» ва «яширин» лойиҳаларнинг камайишига олиб келади.
Назорат кучайиши, рисклар камайиши, банклар учун кафолатларнинг кучайиши – булар узоқ муддатда ипотека бозорини барқарорлаштиради. Натижада, истеъмолчилар учун молиявий қулайликлар яратилиши мумкин. Шунингдек, тизим молиявий жиҳатдан барқарор бўлмаган, кўп ҳолларда ноқонуний фаолият юритаётган компанияларнинг бозорга киришини тўхтатади. Бу эса пировардида сифатли қурилиш ва ишончли лойиҳаларни кўпайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, эскроу тизими хавфсизлик ва ишонч муҳитини яратади, бироқ шунда ҳам харидорлар уйни эҳтиёткорлик билан, ишончли қурувчилар орқали сотиб олишлари лозим. Ривожланаётган ислоҳотга мослашиш даврида энг катта тавсия — шошмасдан, лекин кечикмасдан тўғри қарор қабул қилишдир.
@davletovuz каналидан олинди.








