Жанубий Кореяда имтиҳон можароси: таълим вазири истеъфога чиқди
Таълим вазири вазиятга олдиндан тайёргарлик кўрилмагани учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Жанубий Корея таълим вазири Чой Кё-жин университетга кириш имтиҳонида сунъий интеллект ёрдамида фирибгарликнинг олдини олиш бўйича кўрилган шошилинч чоралар сабаб юзага келган тартибсизликлар учун жавобгарликни зиммасига олиб, истеъфога чиқди. Президент Ли Же Мён унинг истеъфосини қабул қилди.
Мамлакатда ҳар йили ўтказиладиган Suneung университетга кириш имтиҳони пайшанба куни бўлиб ўтди. Тўққиз соатгача давом этадиган имтиҳонда қарийб 500 минг нафар ўқувчи қатнашди. Таълим вазирлиги маълумотига кўра, бу йил 111 нафар номзодда фойдаланиш тақиқланган ақлли қурилмалар аниқланган.
Можарога бир ҳафта аввал солиқ ҳисоби бўйича миллий имтиҳонда энг юқори натижани қайд этган 34 ёшли Ҳан Вон Сокнинг фирибгарлик қилганини тан олиши сабаб бўлди. У имтиҳон саволларини микрокамера орқали суратга олиб, сунъий интеллектга юборганини ва жавобларини смартфон ёрдамида текширганини маълум қилди. Ҳан 160 та саволдан фақат биттасига нотўғри жавоб берган эди.
Шундан сўнг расмийлар Suneung имтиҳонида ҳам шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўрди. Хусусан, имтиҳон куни маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 15:00 гача мамлакат бўйлаб уч марта фавқулодда огоҳлантириш хабари юборилди. Сигналлар телефонлар овозсиз режимда бўлганида ҳам янгради. Фақат ўчирилган ёки самолёт режимига ўтказилган қурилмалар бундан мустасно бўлди.
Бу Жанубий Кореяда имтиҳонда фирибгарликнинг олдини олиш учун миллий фавқулодда вазиятлар огоҳлантириш тизимидан илк бор фойдаланилиши бўлди. Бундан ташқари, номзодлардан кийимларидаги тугмаларни ёпиш талаб қилинди, кўзойнаклар ҳам яширин камералар бор-йўқлигига текширилди.
Кўрилган чоралар қоидаларга мувофиқ имтиҳон топшираётган ўқувчиларда ҳам хавотир уйғотди. Айрим номзодлар кўзойнаклари ақлли қурилма сифатида нотўғри талқин қилинишидан чўчиб, имтиҳонга контакт линзаларда келишга қарор қилган.
Чой Кё-жин Yonhap агентлигига берган баёнотида вазирлик вазиятга олдиндан тайёргарлик кўрмагани учун танқиддан қочиб қутула олмаслигини таъкидлади. У имтиҳон якунланганидан сўнг юзага келган вазият учун жавобгарлик ҳис қилаётганини билдириб, истеъфога чиқди.
Президент Ли Же Мён эса амалдаги университетга кириш имтиҳонлари тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини аввал ҳам таъкидлаб келган.








