Эрон Исроил билан сулҳ битими имзоланганлиги ҳақидаги маълумотларни рад этди
Сулҳ бўйича ёзма келишув йўқ, фақат “тажовузни тўхтатиш” амалга оширилди.

Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Исроил билан расмий сулҳ битими имзоланганлиги ҳақидаги маълумотларни инкор этди. Бу ҳақда ТИВ раҳбари ўринбосари Саид Хатибзаде баёнот берди деб ёзади Oxu.az нашри.
Унинг сўзларига кўра, Эрон ва Исроил ўртасида ҳеч қандай ёзма келишув ёки бандларни ўз ичига олган расмий битим мавжуд эмас. “Бизда сиёнистик режим билан ҳеч қандай ёзма келишув бўлмаган. Воқеа — сионистларнинг тажовузини тўхтатишдан иборат бўлди. Бунга параллель равишда Эрон ҳеч қандай ҳужумларни амалга оширмайди, лекин ўз тайёргарлигини сақлаб қолади”, — деди Эрон расмийси.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнга ўтар кечаси Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлаган. Орадан бир кун ўтмасдан Эрон жавоб зарбасини берган. 22 июнь куни эса АҚШ можарога аралашиб, Эрондаги учта ядровий объектга ҳаво ҳужуми уюштирди. Орадан бир кун ўтиб, 23 июнь куни кечқурун Эрон Қатарда жойлашган АҚШнинг Ал-Удеид авиабазасига ракета зарбаси йўллади.
Гарчи 24 июнь куни АҚШ Президенти Доналд Трамп Исроил ва Эрон ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилган бўлсада, Эрон томони буни расмий сулҳ битими сифатида тан олмаяпти. Эрон фақат Исроилнинг тажовузи тўхтатилгани сабабли ўз жавоб ҳужумларини тўхтатганини билдирмоқда.







