1991 йилдан бери Тунисда қолиб кетган: Саддам Ҳусайннинг самолёти сотувга чиқарилди
Ҳукумат Boeing 747 самолётини ҳам ўз ичига олган иккита лайнерни ҳар бирини 900 минг доллардан сотувга қўйди.

Ироқ ҳукумати собиқ президент Саддам Ҳусайн даврида фойдаланилган Boeing 747 самолётини ҳам ўз ичига олган иккита йўловчи лайнерини сотувга чиқарди. Ҳар бир самолёт 900 минг долларга баҳоланган. Бу ҳақда The Economic Times хабар берди.
Ироқ транспорт вазирлиги 18 ноябрь куни Iraqi Airways авиакомпаниясига тегишли иккита самолёт сотилишини эълон қилган. Уларнинг умумий қиймати 1,8 миллион долларни ташкил этади.
Аукционда иштирок этиш учун ҳар бир самолётнинг баҳоланган қийматидан 20 фоиз миқдорида, яъни 180 минг долларлик молиявий кафолат талаб этилади. Ғолиб харид нархининг яна 2 фоизини хизмат ҳақи сифатида тўлаши керак.
Самолётлар мавжуд ҳолатида ва турган жойида топширилади. Сотувчи уларнинг техник ҳолати бўйича кафолат бермайди. Мулк ҳуқуқини расмийлаштириш, божхона жараёнлари, самолётларни олиб кетиш ва тўхташ жойи билан боғлиқ харажатлар харидор зиммасида бўлади.
Сотувга 1982 йилда ишлаб чиқарилган Boeing 747-200 ва Boeing 747SP самолётлари қўйилган. Уларнинг иккаласи ҳам 1991 йилдан бери Тунисда турибди ва шу вақтгача Ироққа қайтарилмаган.
1990 йил августида Ироқ Қувайтга бостириб кирганидан кейин мамлакат расмийлари АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳужумларидан хавотирланиб, самолётларни чет элга жўнатган. Саддам Ҳусайн ҳукуматига хизмат қилган Boeing 747SP самолёти 1991 йил 1 январдан буён Тунис жанубидаги Тозур-Нефта аэропортида сақланмоқда.
AeroCorner маълумотларига кўра, самолётларни сотиш бўйича уринишлар 2010 йилдан бери давом этмоқда. 2023 йилда улар ҳар бири 494 минг доллардан таклиф қилинган, бироқ харидор топилмаган. Ҳозирги баҳоланган нарх аввалгисидан қарийб 82 фоиз юқори.
Ироқ Бош вазири девони самолётларни сотишга 2025 йил февраль ойида рухсат берган.








