Банклар инқироздан қандай чиқади? Янги қонун кучга кирди
Банкларни соғломлаштириш ва тугатиш тўғрисидаги қонун имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 25 сентябрдан кучга кирувчи “Банкларни соғломлаштириш ва тугатиш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат банклар, банк гуруҳлари ҳамда уларда улушга эга холдинг компанияларининг молиявий барқарорлигини сақлаш, уларни инқироз ҳолатидан чиқариш ёки тартибли тугатиш механизмларини белгилайди.
Қонун асосида соғломлаштириш чоралари, яъни санация, асосан тизимли аҳамиятга эга молия муассасалари тўловга лаёқатсиз ҳолатга тушганда қўлланилади. Реабилитация деганда банкротликнинг олдини олиш мақсадида банкнинг иқтисодий ва молиявий аҳволини тиклашга қаратилган чора-тадбирлар тушунилади — бу молиявий ёрдам, активларни ўтказиш, банкни сотиш каби шаклларда амалга оширилади.
Мазкур жараёнларни бошқариш ваколати Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юклатилган. Регулятор банклар учун соғломлаштириш бўйича алоҳида режа ишлаб чиқади. Бу ҳужжат йилига камида бир марта ёки банк фаолиятида сезиларли ўзгаришлар содир бўлганида қайта кўриб чиқилиши талаб этилади.
Санация доирасида йўқотишлар аввало банк акциядорлари зиммасига юклатилади — улар устав капиталидаги улушига қараб молиявий жавобгарликка тортилади.
Банкни соғломлаштириш қуйидаги асослар мавжуд бўлганда кўзда тутилади:
- тўловга лаёқатсизлик ёки яқин эҳтимоли;
- амалга оширилаётган чораларнинг самарадор эмаслиги;
- банкнинг тизимли аҳамиятга эгалиги ва унинг кескин тугатилиши молиявий барқарорликка хавф туғдириши.
- Шунингдек, банк тўловга лаёқатсиз деб топилиши мумкин, агар:
- 7 кун давомида мижозлар талаб қилган маблағни тўлай олмаса;
- банк мажбуриятлари унинг активларидан ошиб кетса;
- капитал коэффитсиенти белгиланган меъёрдан 50 фоиз ва ундан ортиқ камайган бўлса;
- омонатчилар маблағларига таҳдид солувчи ҳолатлар кузатилса.
Холдинг компанияларига нисбатан ҳам ўхшаш мезонлар қўлланилади.
Марказий банк тайинлаган вақтинча бошқарув органлари, шунингдек банк кузатув кенгаши реабилитация жараёнида меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай ҳолларда лавозимидан озод этилган раҳбарларга компенсация тўланмайди.
Соғломлаштириш бўйича кўрилиши мумкин бўлган чораларга қуйидагилар киради:
- актив ва мажбуриятларни бошқа ташкилотга ўтказиш;
- вақтинчалик банк тузиш;
- айрим мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш ёки конвертация қилиш.
Банкнинг мажбурий тугатилиши эса Марказий банк томонидан лицензия бекор қилинганидан сўнг амалга оширилади. Бу тартиб суд орқали ҳам, судгача бўлган тартибда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Тугатиш босқичида банк активлари бошқа молия институтларига топширилади ёки очиқ савдолар орқали реализация қилинади.







