Ўзбекистон Мўғулистондан 2000 тонна ҳалол гўшт импорт қилади
Тошкент ва Улан-Батор ўртасида гўшт етказиб бериш бўйича келишув имзоланди.

27 июн куни Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазири Энхбаяр Жадамба ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Мўғулистондан 2 000 тонна ҳалол от ва қўзи гўштининг илк партиясини импорт қилишга розилик билдирди. Музокараларда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, ветеринария назорати ва ўсимликлар карантини соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Вазир Энхбаяр Жадамба Мўғулистон томони ҳалол гўшт ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда ҳамкорликка тайёр эканини билдириб, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, товар айирбошлаш ҳажмини 100 миллион АҚШ долларига етказиш бўйича режаларга эътибор қаратди.
Шунингдек, томонлар:
100 минг бош тирик қўй ва эчки етказиб бериш бўйича келишувга эришди;
экспорт божи бўйича имтиёзлар бериш имкониятини кўриб чиқишга келишди;
карантин, тариф ва логистика масалаларида узлуксиз ҳамкорлик механизмларини жорий этишга қарор қилди.
Қайд этилишича, Мўғулистон 2024 йилга қадар Ўзбекистонга 7 минг бош тирик қўй экспорт қилган, транспорт масалалари эса Ўзбекистон томонидан ҳал этилган.
Бундан ташқари, томонлар чарм, жун ва кашмир маҳсулотлари бўйича савдони ривожлантириш, шунингдек, мева-сабзавот ва енгил саноат соҳаларида тажриба алмашиш борасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар.








