Қорақалпоғистонда янги туризм ҳудуди барпо этилади
Элликқалъа туманида замонавий туризм зонасини яратиш лойиҳаси бошланган.

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида умумий қиймати 73,4 миллиард сўмлик туризм-рекреацион зона ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур лойиҳа Зарбдор тажрибаси асосида Оқчакўл соҳилида амалга оширилади. Лойиҳага кўра, ҳудуд тўлиқ инфратузилма билан таъминланиб, унда 3 та меҳмонхона, 18 та меҳмон уйи, 20 та ўтов, 2 та ресторан ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади. Режага мувофиқ, лойиҳа ишга тушиши натижасида 75 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳар йили ноябр ойида “Энг намунавий яшил туризм объекти” танлови ўтказилиши белгиланган. Бу танлов “Туризм объектлари ва жойлаштириш воситаларда атроф-муҳитга салбий таъсири камайтирилган маҳсулотлардан фойдаланиш ва экологик талабларга мувофиқ хизматлар кўрсатишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан жорий қилинади.
Танловнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
– экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан ифлосланишнинг олдини олиш;
– туризм объектларида пластик маҳсулотлардан фойдаланишни чеклаш ва уларни экологик тоза маҳсулотларга алмаштириш;
– техник ва экологик стандартларга риоя этилишини таъминлаш;
– инновацион ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш.
Мазкур ёндашув нафақат туризм салоҳиятини ошириш, балки ҳудудларда экологик барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.







