Мексикада мернинг тимсоҳ билан рамзий тўйи ўтказилди
Маросимда судралиб юрувчига оқ либос кийдирилган.

Мексиканинг Сан-Педро-Уамелула шаҳрида шаҳар мери Даниел Гутиеррез кичкина тимсоҳ билан рамзий никоҳ маросимини ўтказди. Бу ғайриоддий тўй қадимий маҳаллий эътиқодлар ва маданий меросни ифодалайди.
Реутерс агентлигига таяниб oxu.az нашрининг маълум қилишича, тўй маросими чоғида тимсоҳга оқ либос кийдирилиб, кўчаларда сайр қилдирилган. Аҳоли маросимни рақслар билан нишонлаган.
Маросим уч кун давом этган. Маҳаллий аҳоли буни она ер ва табиат кучларидан мўл-кўлчилик сўраш учун ўтказиладиган диний-маънавий маросим сифатида баҳолайди. Эътиқодга кўра, судралиб юрувчи она ерни ифодаловчи Худонинг тимсоли бўлиб, у билан шаҳар раҳбарининг никоҳи худолар дунёси ва инсонлар дунёси ўртасидаги уйғунликни билдиради.
Ушбу маросимнинг илдизлари камида 18-асрга бориб тақалади ва эҳтимол, у Марказий Американинг туб аҳолиси томонидан испан мустамлакачиларидан анча аввал ҳам нишонлаб келинган.







