Беруний тумани ҳокими ўринбосари 12 минг АҚШ доллари билан ушланди
Шунингдек, ДХХ томонидан Андижонда инспекция бўлим бошлиғи ва Наманганда агентлик мутахассиси қўлга олинган.

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Қорақалпоғистон, Наманган ва Андижон вилоятларида мансабдор шахслар пора олаётган ва ер ажратишда суистеъмолликка йўл қўйган ҳолатда қўлга олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари Тақиятўш туманида фаолият юритаётган, қизилмия илдизларини қайта ишловчи МЧЖ раҳбаридан 150 гектар ер ажратиш эвазига 12 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ушланган.
Наманган вилояти Косонсой туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари 24 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириш эвазига 240 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 50 минг доллар олаётган пайтда қўлга олинган.
Унинг мансабдор таниши — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Косонсой тумани лойиҳалар бўйича бош мутахассиси 10 минг доллар олаётганида қўлга тушган.
Андижон вилояти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи фермер хўжалигининг ноқонуний қурилмалари бўйича зарарни камайтириб хулоса бериш эвазига 1000 доллар олган вақтида ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







