Ўзбекистон фуқаролари учун Канада, Аргентина ва Австралия визасини олиш осонлашади
Дипломатик ваколатхонаси йўқ давлатларга визалар энди мамлакат ичида расмийлаштирилиши мумкин.

Ташқи ишлар вазирлигида “VFS Global” халқаро компаниясининг МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари бўйича минтақавий директори Ш. Мишра ҳамда Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Т. Тўйчиев билан учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистон ҳудудида “VFS Global” ваколатхоналари тармоғини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида компания ходимларининг сайёр қабулларини ташкил этиш, хусусан, жамоавий гуруҳлар томонидан топширилган аризаларни жойларда кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Мазкур хизмат пуллик асосда кўрсатилади ва чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларга Тошкент ёки Самарқанддаги визалар марказига бормасдан ёрдам олиш имконини беради.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлмаган давлатларга, жумладан Канада, Аргентина ва Австралия каби давлатларга визаларни расмийлаштириш тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда бундай давлатларга виза олиш ортиқча вақт ва молиявий харажатларни талаб қилади. Шу боис Ўзбекистон томони жараёнларнинг бир қисмини мамлакат ичида амалга ошириш, хусусан “VFS Global”нинг маҳаллий офислари орқали биометрия топшириш ва онлайн суҳбат ўтказиш имкониятларини жорий этиш таклифини илгари сурди.
Томонлар виза хизматлари сифати ва қулайлигини ошириш, янги ташаббусларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.







