Самарқандликларни ҳақорат қилган “Насаф” матбуот ходими ишдан олинди
“Насаф” футбол клуби ушбу ноқулай ҳолат учун жамоатчиликдан узр сўради.

Ўзбекистон Суперлигасининг “Динамо” (Самарқанд) ва “Насаф” (Қарши) жамоалари ўртасидаги ўйин ортидан юзага келган нохуш ҳолат кенг жамоатчилик эътиборини тортди.
Қаршининг “Насаф” клуби матбуот хизматига алоқадор Сарвар Бобоназаров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Динамо” ва “Андижон” жамоалари мухлислари шаънига нисбатан ҳақоратли ва номақбул фикрлар билдирган. Мазкур ҳолат кенг танқидга сабаб бўлди.
“Насаф” футбол клуби ушбу вазият юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Унда қайд этилишича, Бобоназаров меҳнат таътилида бўлган бўлишига қарамай, унинг хатти-ҳаракати клуб ахлоқий тамойилларига зид деб топилди. Клубда танқидий йиғилиш ўтказилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Баёнотда алоҳида таъкидланишича, клуб ушбу фикрлар “Насаф”нинг расмий позицияси эмаслигини билдиради ва ҳар қандай ҳақорат ҳамда камситишларни қатъий қоралайди. Шунингдек, Самарқанд ва Андижон жамоалари вакиллари ҳамда мухлисларига чуқур ҳурмат билдирилган.







