Тошкент шаҳрига 8 миллиард доллар инвестиция киритилади
Президент Янги Камолон маҳалласида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида тумандаги Янги Камолон маҳалласи ва “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида хизматлар соҳасини кенгайтириш, аҳолининг бандлиги, ижтимоий ҳимоя ва маҳаллаларни ривожлантиришга оид янги ташаббуслар илгари сурилди.
Янги Камолон маҳаласида 4 600 нафардан зиëд аҳоли истиқомат қилади. Бугунги кунга келиб бу ерда 60 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, қандолатчилик, дала маҳсулотлари дўконлари, новвойхона, хусусий тиббиёт пункти ва ҳунармандлар маскани фаолият юритмоқда. Бу эса ёшлар бандлигини таъминлаб, маҳаллади деярли ишсизликдан холи ҳудудга айлантирди.
Шунингдек, сокин сайилгоҳ, спорт ва болалар майдончалари, пиродалар йўлаги, нуронийлар оромгоҳи, кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар, ҳамда янгиланган кўп қаватли уйлар маҳалланинг бугунги замонавий қиёфасини белгиламоқда.
Президент “Шайхонтоҳур тажрибаси” асосида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилишини эълон қилди.
“Шайхонтоҳурда ҳунармандчилик тарихий илдизга эга. Энди бу бой анъанани замонавий хизматлар тармоғи билан уйғунлаштириб, одамларни иш ва даромад билан таъминлаймиз”, — деди давлат раҳбари.
Маҳаллада ички ишлар тизими билан боғланган ситуациявий марказ ва видео назорат камералари тизими ишга туширилган. Бу йил давомида бирорта ҳам жиноят ҳолати қайд этилмаган.
“Янги Камолон” бошқарув сервис компанияси томонидан 21 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатилиб, ҳисоб-китоблар рақамли биллинг тизими асосида юритилмоқда. Йил давомида марказий иссиқлик ва электр тармоқлари таъмирланди, айрим уйлар янги лифтлар билан таъминланди.
Шу куни Президент “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида ҳам бўлиб, 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган замонавий тизим фаолиятини кўздан кечирди. Бу ерда эҳтиёжманд инсонлар билан манзилли ёндашув асосида иш олиб борилмоқда.
Марказда 25 нафар мутахассис ва маҳаллаларда фаолият юритаётган 51 нафар ижтимоий ходим ногиронлар, ёлғиз кексалар ва кам таъминланган фуқароларга хизмат кўрсатмоқда. Ёрдам фақат бир марталик эмас — ҳар бир инсон ҳолати мониторинг асосида кузатиб борилади.
Марказ ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Имкониятлар олами” муассасасида ногиронлиги бўлган болалар учун эрта аралашув, реабилитация ва парвариш хизматлари йўлга қўйилган. Ҳозирда бу ерда 80 нафарга яқин болага 12 нафар малакали мутахассис хизмат кўрсатмоқда.
“Бу тизим орқали жамиятимизда ижтимоий адолат, инсон қадри, ва меҳр-оқибат қарор топмоқда,” — деди Президент.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри бўйлаб 8 миллиард доллар миқдорида инвестициялар жалб этилаётганини, бу маблағ ҳисобига Шайхонтоҳурда ҳам янги иш ўринлари, таълим муассасалари, ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилишини маълум қилди.
Аҳоли билан бўлган очиқ мулоқотда нуронийлар сўз олиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканликларини билдириб, тинчлик ва барака тилаб дуо қилишди.







