Сунъий интеллект биринчи бор мураккаб операцияни шифокор аралашувисиз бажарди
Робот-жарроҳ 17 босқичли операцияни муваффақиятли якунлади.

Johns Hopkins университети олимлари сунъий интеллект билан бошқарилувчи илғор робот-жарроҳ тизимини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу технология биринчи бор шифокор кўрсатмасисиз ва махсус белгиларсиз инсон организмида мураккаб хирургик амалиётни – ўт пуфагини олиб ташлаш операциясини (холесистэктомия) тўлиқ мустақил бажарди. Бу ҳақда Oxu.Az нашри маълум қилди.
Университет матбуот хизмати маълум қилишича, робот тизим 17 босқичдан иборат бўлган жарроҳлик муолажасининг ҳар бир босқичини аниқ ва тўғри бажаришга муваффақ бўлган.
Тизим сунъий интеллект алгоритми орқали ишлайди ва у инсон жарроҳларининг олдинги видеоамалиётлари асосида ўқитилган. Олимларнинг таъкидлашича, у нафаќат кўр-кўрона такрорлайди, балки жараён моҳиятини англаб, қарор қабул қилиш, тўқималар ҳолатини баҳолаш ва муолажани реал вақтда мослаштириш қобилиятига эга.
Шунингдек, бу робот тизим инсон хирурглари билан ҳамкорликда ишлаш, уларнинг кўрсатмаларини таҳлил қилиш ва зарурат туғилганда тезда мослаша олиш имкониятига ҳам эга.
Ушбу ютуқ жарроҳликда инсон омилини камайтириш, операциялар аниқлигини ошириш ва хавф даражасини пасайтириш йўлида муҳим бурилиш сифатида баҳоланмоқда.







