Хитой компанияси Тошкент йўл инфратузилмаси учун 300 миллион доллар ажратди
Эндиликда йўл таъмирлаш ишлари “фасаддан фасадгача” тамойили асосида амалга оширилади.

Тошкент шаҳрида кўча-йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг маълум қилинишига кўра, бу борадаги лойиҳаларни молиялаштириш учун йирик халқаро инвестициялар жалб этилган.
Хусусан, Хитойнинг йирик қурилиш компанияси — China State Construction Engineering Corporation (CSCEC) томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига 300 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ажратилган. Ушбу маблағлар пойтахт йўлларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, ҳамда замонавий йўл ўтказгичлар (эстакадалар) қурилишига йўналтирилади.
Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида Шота Руставели кўчасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Умумий режага кўра, 200 километр йўл ва 4 та эстакада қурилади ва замонавий талаблар асосида таъмирланади.
Шавкат Умурзоқовнинг таъкидлашича, бугундан бошлаб барча қурилиш ишлари “фасаддан фасадгача” тамойили асосида амалга оширилади. Яъни, нафақат йўл қопламаси, балки кўчанинг икки томонидаги инфратузилма ва бино фасадлари ҳам тўлиқ қамраб олинади. Бу эса Тошкент кўчаларини янада тартибли, эстетик жиҳатдан чиройли ва қулай қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, давлат раҳбари топшириғига биноан, қурилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.








