Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги юксак савияда нишонланади
Президент қарори асосида байрам тадбирлари мамлакат бўйлаб кенг миқёсда ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор (ПҚ–222-сон) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 34 йиллик мустақиллик байрами Янги Ўзбекистон тараққиёт даражаси ва халқаро майдондаги нуфузига муносиб тарзда, юксак савияда нишонланади.
Байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилади.
Байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри, шунингдек барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда кенг миқёсда ташкил этилиши таъминланади.
Анъанавий кўрик-танловлар — “Она диёр – ранглар жилоси”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” — юқори даражада ўтказилиши белгиланган.
Мазкур байрам мустақил Ўзбекистоннинг ютуқлари, халқимизнинг бирлик ва бирдамлигини намойиш этиш, миллий қадриятлар ва янгиланиш руҳини кенг тарғиб қилишга қаратилади.







