Интерпол томонидан қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси АҚШда қўлга олинди
Депортация қилинган фуқаро 13 июль куни Тошкентга олиб келинди.

Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси (ММБ) қидирувида бўлган Ўзбекистон фуқароси АҚШ ҳудудида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, Интерпол ММБ ҳамда АҚШдаги ваколатли органлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасида ушбу фуқаро аниқланиб, қўлга олинган ва ватанга қайтарилган.
Жиноятчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми — яъни кўп миқдорда талон-торож қилиш (ўзлаштириш ёки растрата) жинояти бўйича халқаро қидирувда бўлган.
Интерпол ММБ АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси билан ахборот алмашуви ва музокаралар ўтказиб, унинг депортациясини таъминлади.
Қидирувдаги фуқаро 2025 йил 13 июль куни Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга олиб келинган ва Интерпол ММБ ходимларига топширилган. Айни пайтда унга нисбатан қонун доирасида чоралар кўрилмоқда.







