Россияда Ўзбекистон фуқаролари кўчада қолдими?
Интернетда мигрантларнинг сарсон бўлаётгани ҳақида видеолар тарқалмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги миграция марказларида Ўзбекистон фуқаролари қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида видеомурожаат эълон қилинганди. Мазкур ҳолат юзасидан Миграция агентлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мазкур марказда Президентнинг "Россия Федерациясида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг айрим тоифаларининг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони доирасида ишлаш рухсатномасини (патент) расмийлаштириш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Марказ ходимлари тўлиқ иш режимида фаолият олиб бормоқда ҳамда ҳужжатлар расмийлаштириш белгиланган тартиб ва талаблар асосида ташкил этилган. Шу билан бирга, чет эл фуқаролари учун миграция марказининг иш вақти ҳақида маълумот тақдим этилган.
Видеопостдаги ҳолатнинг келиб чиқиши фуқароларнинг навбатда туришга риоя қилмаслиги сабабли содир бўлган. Шу боис хавфсизликни таъминлаш мақсадида темир панжаралар ўрнатилган. Бундан ташқари фуқаролар томонидан патент олиш бўйича белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган.
Шунингдек, видеомурожаатда иштирок этган фуқаролар билан бевосита суҳбат ўтказилиб, уларга ҳужжатларни қонуний расмийлаштириш тартиб-таомиллари ва миграция марказининг ишлаш механизми ҳақида батафсил тушунтириш берилди.







