Тошкентда ноқонуний дори воситаларини сотган дорифуруш қўлга олинди
Ноқонуний дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахсдан 16 мингдан ортиқ кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилган.

Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс қўлга олинди.
Текширув давомида унинг Янгиҳаёт туманидаги ижарадаги уйидан 16 минг 249 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Аниқланишича, у бу дориларни аввал «Телеграм» орқали боғланган шахсдан олиб, сотиш режасини тузган ва даромад эвазига 16 минг АҚШ доллари тўлашни ваъда қилган.
"Зардекс" таркибидаги "Прегабалин" моддаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарорига мувофиқ, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган. Бу модда назоратсиз истеъмол қилинганда соғлик учун жиддий хавф туғдиради.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1 моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Дорифуруш қамоққа олинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







