Болаларни итдек акиллатган дефектологга яна жиноий иш очилди
Унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан бир йил олдин ҳам прокуратурага сўров юборилганди.

Ижтимоий тармоқларда ўзини гўёки дефектолог-психолог деб атаган Дилором Жабборова дудуқланган болаларни сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видеохабарлар тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бу бўйича Болалар омбудсмани 2024 йилнинг якуни ва 2025 йил январь ойида ўрганиш олиб борган ва бу ҳақда жамоатчиликка маълумот берган.
Хусусан, Болалар омбудсманининг Д.Ж нинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун киритган сўрови асосида малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Ўтказилган ўрганиш натижасида педагог Д.Ж нинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда эканлиги, Д.Ж нинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган. Бунинг асосида Болалар омбудсмани томонидан прокуратура органларига ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисида сўров киритилган ва Д.Ж га нисбатан жиноят иши юритуви олиб борилган.
Маълум вақт ўтганидан сўнг Д.Ж аввалгидек дудуқланиши бўлган болалар билан ўзининг илмий асосланмаган, дефектологияга дахли йўқ амалиётини давом эттиргани кузатилган.
Д.Ж нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан 2025 йилнинг 2 июнь куни Болалар омбудсмани Бош прокуратурага яна тегишли сўров юборган.
Натижада 2025 йил 25 июнь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман прокуратураси томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор (17.04.2025-yilda чиқарилган) бекор қилиниб, иш ҳужжатлари тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.
2025 йил 4 июль куни Тергов бўлими томонидан Д.Ж нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







