Ўзбекистон руҳий саломатлик рейтингида паст ўринни эгаллади
Одамларнинг руҳий ҳолати ёмонлашишига бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар сабаб бўлмоқда.

Mental State of World халқаро тадқиқоти натижаларига кўра, Ўзбекистон руҳий саломатлик ва фаровонлик бўйича рейтингда 83 та давлат ичида 74-ўринни эгаллади.
Марказий Осиё давлатлари орасида руҳий ҳолат умумий ҳисобда оғирлигича қолмоқда. Лекин Ўзбекистон минтақа давлатлари ичида энг яхши натижани қайд этган.
- Қозоғистон – 76-ўрин;
- Қирғизистон – 79-ўрин;
- Тожикистон – 80-ўрин.
Дунё бўйича ўртача руҳий ҳолат индекси 63 баллни ташкил қилмоқда. Бу инсонлар ойда тахминан 21 кун давомида ўзини барқарор ва фаол ҳис қилишини англатади. Аммо Марказий Осиё давлатлари бу кўрсаткичдан анча ортда қолмоқда. Ўзбекистон 54,5 баллни, Қирғизистон ва Тожикистон 51,2 баллни қўлга киритган. Қозоғистон эса (52,3 балл) Бразилия, Жанубий Африка республикаси ва ҳаттоки Афғонистон билан деярли бир даражада.
Мутахассислар фикрича, одамларнинг руҳий ҳолати ёмонлашишига бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар сабаб бўлмоқда: хавотир, тушкунлик, чарчоқ, ёлғизлик ва ҳал қилинмаган ички муаммолар. Бугунги кунда дунё бўйича ҳар саккиз кишидан бири, яъни 8 миллиард аҳолининг 1 миллиардга яқини руҳий касалликка чалинган. Бунда, ўсмирлар энг заиф қатлам ҳисобланади, чунки руҳий муаммоларнинг ярми 14 ёшгача бошланади.







