Ўзбекистон Халқаро кимё олимпиадасида тарихий ғалабага эришди
2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритган жамоа Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Дубайда бўлиб ўтган 57-Халқаро Кимё Олимпиадасида Ўзбекистон жамоаси рекорд натижага эришди. Жамоа аъзолари 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритиб, мамлакат тарихидаги энг яхши натижани қайд этди.
Олтин медалларни Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Далер Раҳимов ва Миржаҳон Мухаммадов қўлга киритди. Кумуш медаллар эса Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги Бухоро мактаби ўқувчиси Иброҳим Темуров ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги мактабдан Билолиддин Зухриддиновга насиб этди.
Олимпиадада муваффақиятга эришган ўқувчилар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Бу ғалаба Ўзбекистоннинг халқаро фан олимпиадаларидаги юксалиб бораётган салоҳиятини яна бир бор кўрсатди.
Ёпилиш маросимида 58-Халқаро Кимё Олимпиадаси байроғи рамзий тарзда Ўзбекистонга топширилди. Навбатдаги олимпиада 2026 йилда Ўзбекистон мезбонлигида ўтказилади.







