Тошкентда юзлаб одамдан уй учун пул йиғиб олган қурилиш компанияси раҳбари ҳибсга олинди
Ижтимоий тармоқларда 200 га яқин одам уй учун нақд пулда тўлов қилиб, алдангани акс этган видеолар тарқалган.

Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар қуриш ва у ердан хонадонлар сотиш ваъдаси билан фуқаролардан катта миқдорда пул тўплаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Ҳолат бўйича расмий текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, фуқаро Т.Н. 2021 йилда “Strong Cities” МЧЖни ташкил этган ва қурилиш фаолиятини юритиш учун зарур лицензия ва рухсатномаларсиз иш бошлаган. Компания номидан Олмазор туманида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлардан хонадонлар таклиф қилинган.
Жараёнда шартномалар расмийлаштирилган бўлса-да, маблағлар қонунчиликка зид равишда, махсус банк ҳисобварақлари орқали эмас, нақд шаклда қабул қилинган. 2023–2024 йиллар давомида йиғилган маблағлар катта суммани ташкил этган.
Ҳудудий қурилиш назорати органлари текшируви давомида объект бўйича фақат ерга оид кадастр ҳужжатлари мавжудлиги, қурилиш ва монтаж ишлари учун зарур лойиҳа-ҳужжатлар ҳамда рухсатномалар йўқлиги аниқланган. Шунингдек, иншоот сейсмик хавфсизлик талабларига жавоб бермагани боис қурилиш тўхтатилган ва объект ўз ихтиёри билан бузиб ташланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Т.Н. ҳибсга олинган ва тергов ишлари олиб борилмоқда.








