Андижонда қалбаки доллар сотаётган шахс ушланди
Фуқаро 1 900 АҚШ долларини 900 долларга пуллаётган бўлган.

Андижон вилоятида қалбаки АҚШ долларларини сотишга уринган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ахборот берди.
Маълум қилинишича, Бўстон туманида ДХХ, Ички ишлар бўлими ва прокуратура ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро B.T. бошқа бир фуқаро — M.M.ga қалбаки 1 900 АҚШ долларини аслида атиги 900 АҚШ доллар эвазига сотаётган вақтида қўлга олинди.
Тадбир чоғида 100 долларлик сохта купюралар ашё далил сифатида расмийлаштирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул ва қимматли қоғозлар ясаш ва муомалага чиқариш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутасаддилар фуқаролар ва тадбиркорларни огоҳлантирди:
— "Қалбаки пулни билмаган ҳолда қабул қилиб олиб, уни бошқа шахсга сотиб юбориш ҳам жиноят ҳисобланади ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин."
Шу боис, нақд ҳисоб-китобларни Ўзбекистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси — миллий валютада амалга ошириш тавсия этилади. Бу ўзингизни ноқонуний ҳолатлардан асрашга ёрдам беради.







