Андижонда трансформатор чақнаши оқибатида 4 ёшли қизнинг юзи куйди
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маълумотига кўра, қизча эшик орқасидан мушукни кузатиб турган ва айнан шу вақтда чақнаш содир бўлган.

Андижон вилоятида жойлашган кўп қаватли уйлардан биридаги трансформатор будкаси ичида юз берган қисқа туташув сабабли 4 ёшли қизалоқ куйиш жароҳатини олди. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон вилоят филиали берган расмий маълумотга кўра, воқеа 2025 йил 13 июль куни Андижон туманида жойлашган трансформатор подстанциясида содир бўлган. 35/0,4 кВ кучланишдаги, 1000 кВА қувватга эга қурилмада қисқа туташув кузатилган.
Терговга қадар аниқлаштирилган маълумотларга кўра, қизалоқнинг уйи яқинида жойлашган трансформаторга мушуги кириб кетган. Қизча мушукни излаб будка эшиги яқинига борганида, айнан ўша пайтда кучли чақнаш рўй берган. Натижада қизчанинг юзи куйган.
Зудлик билан бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва у шифохонага ётқизилган. Шифокорлар ҳозирда бемор аҳволини барқарор деб баҳоламоқда.








