Сирдарёда бригада бошлиғи қўл остида ишловчи аёл номига кредит олиб Ҳажга кетди
Жабрланган аёлнинг онаси ўз жонига қасд қилишга урингани боис ҳолат фош бўлди.

Сирдарё вилоятида ободонлаштириш бригадаси раҳбари ўз қўл остида ишловчи аёл номига кредит расмийлаштириб, ушбу маблағ ҳисобидан рафиқаси билан Ҳаж зиёратига кетгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов 17-июль куни "Жасорат мактаби"да бўлиб ўтган суҳбат чоғида маълум қилди.
Унга кўра, муаммо дастлаб яширилган, бироқ суҳбат давомида аёллардан бири онасининг ўз жонига қасд қилишга урингани ҳақида гап очган. Аниқланишича, бригада бошлиғи ходиманинг онасидан кредит расмийлаштиришни сўраган, аммо қарзни ўз вақтида тўламаган. Натижада қарз миқдори ортиб борган, аммо олинган маблағ эвазига раҳбар Ҳаж сафарига чиққан.
Ҳолат очилгандан сўнг, аёл кредитни ўзи тўлашга мажбур бўлган. Вилоят раҳбари бу масалани шахсан кўриб чиқиб, жабрланувчи аёл ва масъулларни суҳбатга чақирганини маълум қилди. Бригада раҳбари эса дастлаб келмаган, аммо кейинчалик юзини кўрсатиб, қарздорликни қоплаган.
“Бу халқнинг қандай сабрли ва бағрикенглигини кўрсатади”, — деди Турдимов.







